Владимир Зеленский бу ҳақда Украина халқига йўллаган Янги йил табригида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Украина тинчликни истайди, бироқ бу ҳар қандай шарт эвазига бўлмаслиги керак.
“Биз муросага тайёрмиз, лекин шармандаликка эмас. Уруш тугашини хоҳлаймиз, аммо Украина тугашини эмас”, деди президент.
Зеленский можарога чек қўйиш учун Россияга босим кучайтирилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда Украина Қуролли Кучлари Донетск вилоятидан чиқиб кетгач, ҳарбий ҳаракатлар тўхташи ҳақидаги даъволарни рад этди.
Шунингдек, у келажакдаги тинчлик битими Украина халқи томонидан тасдиқланиши лозимлигини билдирди. Президент заиф келишувлар урушни янада кучайтиришини айтиб, Будапешт меморандуми ва Минск келишувлари тажрибасини танқид қилди.
Зеленский Украина хавфсизлик кафолатлари АҚШ Конгресси ва Европа давлатлари парламентлари томонидан ратификация қилиниши кераклигини қайд этди.
У, шунингдек, Украина ва Европа ўртасидаги бирлик ҳамда халқаро молиявий ёрдам мамлакат барқарорлиги учун муҳим эканини таъкидлади.






