2025 йил 30 декабрда қабул қилинган PF–270-сонли Президент фармони билан коррупцияга қарши курашиш тизимида муҳим янгиликлар жорий этилмоқда. Ҳужжат коррупциянинг олдини олиш, давлат органларида ички назоратни кучайтириш ҳамда қонунбузарликлар ҳақида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан "Рақамли комплаенс" ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади. У коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор ахборот алмашишни таъминлайди, шунингдек «E-Комплаенс» модули орқали давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат фаолиятини тўлиқ рақамлаштиради.
Ҳужжат билан Кorrupsiyaга қарши курашиш агентлигига қўшимча ваколатлар берилди. Энди агентлик давлат органлари ва ташкилотларига қонунбузилишларни олдини олиш бўйича мажбурий кўрсатма ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятидаги тазйиқ ва таъқибдан ҳимоя қилиш учун ҳимоя ордери тақдим этиш амалиёти жорий этилишидир.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилади.
Фармонга мувофиқ, 2026–2030 йилларда коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими босқичма-босқич жорий этилади. У аввало рейтинг баҳолаш натижаларига кўра "қониқарсиз" деб топилган ташкилотларда қўлланади. Тизим ўз вақтида жорий этилмаган тақдирда, раҳбар ва унинг ўринбосарларига барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб турилади.






