Германияда ўғрилар Спаркассе фондига тегишли банкда жуда пухта режалаштирилган талончиликни амалга оширди. Полиция маълумотига кўра, жиноятчилар катта дрелл ёрдамида сейф хонасини тешиб, пул, олтин ва тақинчоқлар сақланган 3 мингдан ортиқ шахсий сейфларни очган.
Ҳодиса 29 декабрь куни тонгда ёнғин сигнализацияси ишга тушганидан сўнг аниқланган. Ўғрилар “тинч Рождество кунлари”дан фойдаланиб, банкка ёнидаги автотураргоҳ орқали кириб, шу йўл билан қочиб кетган. Видеокузатув камераларида гараждан қора рангли Audi RS 6 автомобили чиқиб кетгани қайд этилган.
Ҳозирча жиноятга алоқадор шахслар қўлга олинмаган. Полиция ушбу талончиликни “жуда профессионал даражада” амалга оширилган дея баҳоламоқда. Банк эса зарар кўрган мижозларни мурожаат қилишга чақириб, махсус ишонч телефонини ишга туширган.






