ACWA Power қураётган йирик станциянинг газ турбинасида юзага келган носозлик сабаб Митсубиши қисқа муддатда янги ротор етказиб берди.
Сирдарё вилоятидаги 1500 МВт қувватли иссиқлик электр станциясининг 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги аниқлангач, ишлаб чиқарувчи ва инвесторнинг кафолат мажбуриятлари доирасида Японияда тайёрланган янги ротор 8 декабрь куни махсус рейс билан Тошкентга олиб келинди.
114 тонна оғирликдаги қурилма бевосита аэропортдан станция майдонига етказилган.
Мутасадди идоралар, инвестор ва технологик ҳамкорлар иштирокида монтаж жараёнлари бошланган бўлиб, роторни ўрнатиш ва синов-созлаш ишлари тахминан бир ой давом этади. Шу даврда қувват етишмовчилигини қоплаш учун захира ва янги ишга туширилаётган блоклар жалб қилинмоқда.
Булутли об-ҳаво ва кунларнинг қисқалиги сабаб қуёш станцияларида ишлаб чиқариш камайгани фонида айрим ҳудудларда истеъмол энг юқори бўладиган 17:00–21:00 оралиғида қисқа муддатли чекловлар кузатилиши мумкинлиги маълум қилинди. Зарурат туғилганда истеъмолчилар олдиндан огоҳлантирилади.
Янги ротор ўрнатилгач, станция тўлиқ қувватга қайтиши ва вақтинча чекловларга эҳтиёж қолмаслиги кутилмоқда.






