АсосийЖамият

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 4,5 фоизга туширилади

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани ва айрим ҳудудларда сусткашлик кузатилаётгани қайд этилди.

'Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 4,5 фоизга туширилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани ва айрим ҳудудларда сусткашлик кузатилаётгани қайд этилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонлари йўқлиги ва уларнинг масъулиятини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни камайтириш учун уларнинг муаммолари ва ривожланиш нуқталарини аниқлаб, манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди. Аҳолининг мурожаатларини бевосита маҳаллаларда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси белгиланди. Оғир тоифадаги маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, электр таъминоти, интернет, томорқа имкониятлари каби йўналишларда қўшимча чоралар кўриш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда мамлакатда камбағаллик даражаси жорий йилда 8,9 фоиздан 6 фоизга, келгуси йилда эса 4,5 фоизга туширилиши режалаштирилаётгани қайд этилди. Бунинг учун бандлик хизматлари қамровини кенгайтириш, даромад манбалари яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича комплекс вазифалар белгиланди. Шунингдек, инклюзив бандлик, маҳаллий брендлар яратиш, томорқа ва сув таъминотини яхшилаш, экспортчи кооперативлар каби қўшма дастурлар орқали 1 миллионга яқин камбағал аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар