ИИВ тезкор-қидирув департаментининг берган хабарига кўра, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбири доирасида наркокурьерлик билан шуғулланиб келган олий таълим муассасаси 1-босқич талабалари ушланди.
Жорий йилнинг 4 декабрь санасида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳага кўра, ушбу талабалардан бири тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади ва баённома расмийлаштирилаётган вақтда шу ҳудуддан ўтаётган фуқаро томонидан олинган видеотасвир омма орасида тарқаб кетади.
Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 2 нафар талаба холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 120 гр Альфа PVP синтетик гиёҳванд моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, 2007 йилда туғилган талабанинг вақтинча яшаб келаётган университети ётоқхонаси кўздан кечирилганда 400 гр Альфа PVP синтетик гиёҳванд моддалари борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, бу 2 талаба ушбу синтетик гиёҳванд моддаларни таниши ташлаб берган геолокациялардан олиб, университет ётоқхонасида дозаларга қадоқлаб, айтилган локацияларга юборишган.
Тезкор тадбирлар натижасида бир маротабалик 2600 та дозага тенг бўлган жами 520 гр синтетик гиёҳванд моддаларининг ноқонуний муомаласи олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу наркокурьер талабаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига кўра 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилган.
Шунингдек, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбаини ҳамда қолган жиноий шерикларини аниқлаш мақсадида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.






