Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ўтказилган экологик рейд вақтида бузилган тандирнинг қиймати туман ҳокими томонидан қоплаб берилган. Бу ҳақда Шаҳрикҳон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Раҳматилло Раззақов маълум қилди.
Унга кўра, туман ҳокими кўрсатмаси билан умумий овқатланиш объектларида йўл четида ноқонуний ўрнатилган тандирлар бўйича рейд ўтказилган. Тадбир давомида битта тандир бузилган, яна иккита тандир эса ичкарига кўчирилиб, ҳозирда фойдаланилмоқда. “Бузилган тандир пулини ҳоким ўз чўнтагидан тўлаб берди”, — деди Раззақов.
Бироқ туман ҳокимлиги ўзининг расмий саҳифаларида эълон қилган видеода учта турли кўринишдаги тандирнинг бузилгани акс этган, бу эса расмий маълумотлар билан фарқ қилади.






