Ғазо маъмурияти маълумотига кўра, ўтган ойда сулҳ кучга кирганидан бери Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво зарбалари ва ҳужумлар оқибатида 339 нафар ғазолик ҳалок бўлди, 871 киши яраланди.
22 ноябрь куни бутун анклав бўйлаб берилган навбатдаги зарбалардан камида 24 одам вафот этган.
ҲАМАС вакиллари Исроилни турли баҳоналар билан сулҳни бузишда айблаб, Нетаньяху маъмурияти урушни қайта бошлашга интилаётганини таъкидлади.
АҚШ воситачилигидаги келишув барқарорлиги хавф остида қолар экани айтилмоқда.
Ғазо расмийларига таяниб берилган маълумотларга кўра, 11 октябрдан буён сулҳнинг бузилиши билан боғлиқ 497 та ҳолат қайд этилган.
Улар орасида 142 марта ўқ отиш, 228 марта ҳаво ва артиллерия ҳужуми, 100 дан ортиқ уй ва фуқаролик биноларининг вайрон қилиниши бор.
Шунингдек, Исроил армияси 35 фаластинликни ҳибсга олган ҳамда Рафаҳ чегара пунктини тўлиқ очишдан бош тортган.
Натижада кунлик кириши керак бўлган 600 та гуманитар юк машинаси ўрнига фақат 150 тасигина ҳудудга киришга рухсат берилмоқда.






