Юнусобод тумани 4-мавзе “Адолат” маҳалласидаги ер майдони ҳақида берилган нотўғри маълумот юзасидан Экология вазирлиги томонидан бир ой аввал хизмат текшируви тайинланган эди. “Дарё” ихтиёрида мавжуд ҳужжатга кўра, текширув натижасида туман экология бўлими бошлиғи X. Абдурасулов интизомий жавобгарликка тортилди.
Маълум бўлишича, АҚШ элчихонаси билан чегарадош ушбу майдон 2015–2016 йилларда фуқаролар ташаббуси билан ҳашар йўлида боғга айлантирилган. Қаровсиз ер саноат чиқиндиларидан тозаланган, 350 та юк машинасида тупроқ тўкилган ва тахминан 1500 та манзарали хамда мевали кўчатлар экилган.
2025 йил 24 январда туман Экология бўлими томонидан амалга оширилган хатловда боғдаги 850 га яқин дарахт “Яшил боғ” платформасига киритилган.
Шунга қарамай, орадан бир ой ўтиб — 6 март куни — бўлим бошлиғи X. Абдурасулов Тошкент шаҳар экология бошқармасига ушбу ер “бўш” экани, дарахтлар мавжуд эмаслиги ҳақида ижобий хулоса тақдим этган. Мазкур хулоса асосида майдон аукцион савдоларига чиқарилган.
Хизмат текшируви якунларига кўра, X. Абдурасуловга ҳайфсан эълон қилинди ва ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима белгиланди.






