Ўзбекистон 2026 йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. Маълумотларга кўра, 17 ноябрь куни вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов Афғонистоннинг DABS компанияси раҳбари Абдул Бори Умар билан учрашиб, Афғонистонда қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш линиялари ва подстанциялардаги ишлар суръатини муҳокама қилган.
Учрашув якунида икки томон 2026 йил учун электр таъминоти бўйича янги шартнома имзолади. Ўзбекистон томонидан ҳужжатга “Узенергосотиш” бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов имзо чекди.
Маълумот учун: Афғонистон 2024 йилда Ўзбекистон, Эрон, Тожикистон ва Туркманистондан импорт қилинган электр энергияси бўйича 627 миллион долларлик қарзини тўлаган. Кейинги йилларда Тошкент ва Кобул ўртасида бир қатор асосий лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланган — жумладан, 500 кВ Сурхон–Дашт–Алвон тармоғини кенгайтириш, Арғандаҳ ва Шайх Месри подстанцияларини қуриш ҳамда Кобул–Нангарҳор линияларини модернизация қилиш.
Афғонистон ҳозирда электр энергиясининг тахминан 80 фоизини импорт қилади. Ўзбекистон эса унинг энг йирик таъминотчиси бўлиб қолмоқда.






