Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни пахтачиликда самарадорликни илғор тажриба ва технологиялар асосида ошириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Соҳанинг иқтисодиётдаги улуши 20 фоизни ташкил этмоқда, унда йилига 467 триллион сўмлик маҳсулот яратилмоқда, 3,5 миллион киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, мева-сабзавот, янги ва қайта ишланган аграр маҳсулотлар умумий экспортнинг учдан бир қисмини таъминламоқда.
Тақдимотда пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Бунинг учун паст ҳосил олаётган фермерлар билан манзилли ишлаш, илғор агротехнологиялар ва озиқлантириш амалиётларини тўғри жорий этиш, агроном тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чоралари белгилаб олинди.
Жумладан, пахтачиликда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш орқали ҳосилдорликни 60 центнердан оширган илғор фермерларни 30 центнердан кам ҳосил олган фермерларга бириктириш таклиф қилинди.
Илғор фермерлар Қишлоқ хўжалиги малака ошириш институтида қайта тайёрланиб, уларга сертификат берилади. Паст ҳосил олган фермерларда ҳосилдорлик камида 50 центнердан ошса, уларга бириктирилган илғор фермерларга 5 миллион сўмдан мукофот пули берилади.
Агрономларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Аграр университет ва соҳада агрономларни тайёрлайдиган бошқа олийгоҳлар битирувчилари учун икки йиллик “дуал таълим” механизми жорий этилади. Илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалиёт ўтаган талабаларга стипендия, уларни ўқитган мутахассисларга эса рағбат пули тўланади.
Тақдимотда маҳаллий пахта навларини яратиш ишлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди.
Юртимизда пахтачилик бўйича иккита ноёб илмий институт – Геномика маркази ва Пахтачилик институти борлиги, лекин уларнинг имконияти тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Навларни селекция қилиш асосида пахта уруғчилигини янада ривожлантириш мақсадида ушбу институтларда фитотрон ва репродуцион иссиқхона қуриб бериш топширилди. Натижада янги маҳаллий нав яратишга керак бўлган вақт 2,5 баробар қисқаради, олимларнинг иши тезлашиб, импорт уруғга эҳтиёж қолмайди.
Ғўзани плёнка остига экиш тажрибасини оммалаштириш режалари кўриб чиқилди.
Президентимиз соҳада агродронлардан фойдаланишни кенгайтириш, бу борада мутахассисларни тайёрлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Қишлоқ хўжалигига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш масаласи ҳам кун тартибида бўлди. Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва хорижий компаниялар ҳамкорлигида бу борада кадрлар тайёрлаш ва илмий инфратузилма яратиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
2026 йилдан пахта-ғалла, мевалар ва дуккакли экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизимини йўлга қўйиш, суғурта мукофотининг 50 фоизини буджетдан қоплаб бериш таклиф қилинди.
Субсидиялар тизимини соддалаштириш мақсадида ҳозирда турли идоралар томонидан берилаётган 75 турдаги субсидияни ягона платформа орқали ажратиб борадиган Аграр соҳада тўлов агентлигини ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Бу фермерлар учун ортиқча оворагарчилик ва бюрократияни кескин камайтиради.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






