Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, Юнусжон Эгамбердиевга нисбатан жиноят иши Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, 17 октябрда ҳукм чиқарилган.
51 ёшли собиқ судья Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик), 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) ҳамда 25,211-моддаси 3-қисми “а” банди (пора бериш)да назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган.
Эгамбердиев 2,5 йил давомида мансаб лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Маълумотларга кўра, у жорий йил май ойида судланган шахснинг онасидан жазо муддатини қисқартиришни ваъда қилиб, 30 минг доллар олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Юнусжон Эгамбердиев 2013–2018 йилларда Асакa туман суди судьяси сифатида фаолият юритган, кейинчалик адвокат бўлиб ишлаган ва 2024 йил декабрда Хонобод шаҳар суди раиси лавозимига тайинланган эди.






