Ҳурматли соғлиқни сақлаш тизими ходимлари!
Ушбу қутлуғ айёмда халқ саломатлигининг посбонлари бўлган сиз, азизларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаммамизга аёнки, сиҳат-саломатлик ҳар бир инсон, бутун жамият учун бебаҳо бойлик, улуғ неъматдир. Фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодир эканини барчамиз яхши англаймиз.
Шу маънода, Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил”, деган ҳикматли даъвати айнан сизлар каби жонкуяр ва фидойи инсонларга бағишланган, десак, адашмаган бўламиз.
Биз сизларнинг Янги Ўзбекистонда янги тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлидаги самарали фаолиятингизни юксак қадрлаймиз ҳамда шарафли ва масъулиятли меҳнатингиз учун эл-юртимиз номидан самимий ташаккур билдирамиз.
Азиз шифокорлар!
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини амалда таъминлашга қаратилган давлат сиёсатида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани сизларга яхши маълум, албатта.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда давлат буджетидан тиббиёт соҳаси учун йўналтирилаётган маблағлар ҳажми 6 карра оширилгани, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти тубдан яхшиланганини таъкидлаш лозим. Тиббий хизматлар аҳолига янада яқинлаштирилиб, сифатли тиббий хизматлар маҳаллагача туширилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Масалан, илгари фақат пойтахтда кўрсатилган 400 дан зиёд юқори технологик тиббий хизматлар ҳозирги вақтда вилоят ва туманларнинг ўзида ҳам амалга оширилмоқда.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича халқаро тажрибага асосланган янги модел жорий этилмоқда. Қисқа муддатда ҳудудларимизда 490 та муассаса қайта ташкил этилиб, юридик мақомга эга бўлган 350 та мустақил оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги ишларимизнинг натижасидир.
Юртимизда 2017-йилдан буён оналар ўлими кўрсаткичи 21 промилледан 11 промиллега, гўдаклар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллега камайгани ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг самарасидир.
Жорий йил биринчи марта давлат тиббиёт муассасаларига робот технологиялари кириб келди. Ўтаётган йилда тиббиётни рақамлаштириш ишлари бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Соҳада ДМЕД ягона электрон ахборот платформаси ишга туширилиб, унга 36 миллион нафардан зиёд аҳолининг тиббий маълумотлари киритилди. Вазирлик тизимида “Рақамли соғлиқни сақлаш” маркази очилди.
Сунъий интеллект асосида бажарилаётган тиббий текширув ва муолажанинг турлари 43 тага етди.
Тез тиббий ёрдам хизматида чақириқларни электрон бошқариш тизими ўрнатилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Тиббиётда хусусий сектор улуши ортиб бормоқда. Ўтган саккиз йилда юртимизда хусусий клиникаларнинг сони 3,5 мингтадан 9 мингтага, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари эса 50 тадан қарийб 130 тага етгани бунинг яққол тасдиғидир.
Мамлакатимиз фармацевтика бозорида миллий маҳсулотларнинг ҳажми кўпайиб, 2017-йилдан буён ишлаб чиқариш 1,4 триллион сўмдан 6,3 триллион сўмга, экспорт миқдори эса 6,3 миллион доллардан 250 миллион долларга ўсди.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида мавжуд учта олий ўқув юрти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Самарқанд давлат тиббиёт университети нуфузли халқаро “Тимес Ҳигҳер Эдусатион” (ТҲЕ) рейтингидан жой олди. Халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт олий таълим муассасаларининг сони 8 тани ташкил этмоқда.
Бу йил 300 нафарга яқин мутахассисларимиз ўнлаб ривожланган хорижий мамлакатларда ўз билим ва малакасини ошириб келди.
Юртимиз аҳолисининг турмуш шароитлари яхшиланиб, ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайганида сиз, ўз касби ва хизмат вазифасига содиқ, заҳматкаш соҳа ходимларининг муносиб ҳиссангиз бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ҳурматли шифокорлар!
Бугунги кунда биз ўз олдимизга қўйган улкан марраларга эришишда халқимизнинг тинчлиги ва соғлиғини асраш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки тинчлик ва соғлиқни мустаҳкамлаб, ўз куч ҳамда имкониятларига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва миллат эзгу мақсадларига албатта эришади.
Сиз, азизлар бундан буён ҳам бой билим ва тажрибангиз, малака ва маҳоратингиз билан соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, Ўзбекистон тиббиётининг шонли анъаналарини изчил давом эттириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини ўзлаштириш учун янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласиз деб ишонаман.
Ўз навбатида, соҳа ходимларининг хизматларини муносиб қадрлаш, улар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб бериш масалалари бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлиб қолади.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, иш фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файз-у барака тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, қўлингиз дард кўрмасин, азиз шифокорлар!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти






