Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи фермер хўжалигидан пора талаб қилган.
У ўтказилаётган солиқ текширувини “ижобий ҳал қилиш” ҳамда бир йил давомида солиқ органлари томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги эвазига хўжалик раҳбаридан 5 минг АҚШ доллари сўраган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда инспектор ушбу пулни олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






