Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари бу технологиялар барча соҳаларга кириб бораётганини таъкидлади.
“Ким бу жараёнда фаол бўлса, бир қадам олдинда бўлади. Марра шуники бўлади”, — деди Президент.
Маълумотга кўра, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 2030 йилга бориб 20 триллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги йилда 30 дан ортиқ пилот лойиҳа йўлга қўйилди. Махсус стратегия қабул қилинди, Рақамли технологиялар вазирлиги таркибида алоҳида марказ фаолият бошлади.
Шунингдек, мамлакат сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорилаб, дунёда 70-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.