14 октябрь куни CAPSAT элита ҳарбий бўлинмаси раҳбари полковник Майкл Рандрианирина мамлакатда ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтганини эълон қилди. Унга кўра, ҳарбийлар сенат, конституциявий суд ва сайлов комиссияси фаолиятини тўхтатган.
Президент Андри Радзуэлин эса ўз ҳаёти хавф остида қолгани сабабли мамлакатни тарк этганини айтган. Reuters хабарига кўра, у Франция президенти Эммануэл Макрон розилиги билан Франция ҳарбий самолётида олиб чиқилган.
Мадагаскарда норозиликлар 25 сентябрь куни бошланган. Дастлаб электр ва сув танқислигидан норозилик билдирган фуқаролар кейинчалик сиёсий талаблар билан чиқишган. БМТ маълумотларига кўра, намойишлар пайтида камида 22 киши ҳалок бўлган.
CAPSAT бўлинмаси бугача ҳам, 2008 йилда айнан Радзуэлин ҳокимият тепасига келганида, давлат тўнтаришида муҳим роль ўйнаган эди. Бугун эса ўша бўлинма яна ҳокимиятни эгаллади.