Бугун, 14 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, ишсизликни камайтириш ва аҳолини банд қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Давлат раҳбарига кўра, маҳаллаларга яратилган шарт-шароитлар туфайли бу йилнинг ўзида 237 минг оила камбағалликдан чиққан. Бироқ ҳозирда 28 та кичик туманда ишсизликка қарши етарли чоралар кўрилмаётгани танқид қилинди.
Президент маҳалла раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчиларига ушбу туманларда ишчи гуруҳлар ташкил этиб, ишсизлик, камбағаллик ва жиноятчиликни келаси йилда 2 баробарга камайтириш вазифасини топширди.
Шунингдек, маҳаллаларда бўш турган 5 минг кв.м.гача давлат объектларини аукционга чиқариш ва тушган маблағнинг 70 фоизини маҳалланинг ўзида қолдириш амалиёти жорий этилиши айтилди. Бу маблағ инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларга сарфланади.
Йиғилишда 15 та йўналишда ихтисослашган 7 мингта маҳалла, 6,5 трлн сўмлик ресурслар, 3,3 мингта маҳалладаги 1,5 млн оиланинг даромадли бўлиши ва келаси йил учун қўйилган саноатлаштириш режалари ҳам муҳокама қилинди.