Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари 133 трлн сўмлик савдо қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига умумий овқатланиш соҳасида 25 840 та тижорат корхоналари фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг январь–август ойларида умумий овқатланиш корхоналарининг савдо айланмаси қарийб 133 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ўсган.
2025 йил январь–август ойларида Ўзбекистонда солиқларни тўламаслик хавфи юқори бўлган 2 минг 873 та корхонада текширув ўтказилган эди.
Текширув давомида солиқ тўлашдан энг кўп қочишга уринган соҳалар савдо ва умумий овқатланиш бўлган — 5,7 трлн сўм. Бу жами кўрсаткичнинг 57,6 фоизига тенг.
Шунингдек, кафе ва ресторанлар Ўзбекистонда ишчи кучига энг кўп талаб билдирган соҳалар қаторига кирган эди.
2025 йил II чорагида меҳнат бозорида таклиф этилаётган бўш иш ўринлари сони I чоракдагидан 28,7 фоизга ошган. Энг кўп иш таклифларини савдо (19,4 фоиз), умумий овқатланиш (17,5 фоиз) ва ишлаб чиқариш (16,8 фоиз) корхоналари билдирган.






