Саида Мирзиёева Женевада Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари билан учрашиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлида қилинаётган ислоҳотлар ва муҳим босқичлар ҳақида фикр алмашди.
17 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Женевада Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди. Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида юзага келадиган эҳтимолий қийинчиликлар ва ўзаро ишонч муҳимлиги муҳокама қилинди.
Мирзиёева ЖСТ раҳбарига доимий қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон глобал савдо тизимига интеграциялашув борасидаги қатъий позициясини яна бир бор таъкидлади.
Маълумот учун, бу икки раҳбарнинг биринчи учрашуви эмас – улар 2023 йилда Тошкент ва Женевада ҳам мулоқот қилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ, Покистон, Таиланд, Буюк Британия ва Швейсария билан музокараларни муваффақиятли якунлаган.