Хоразмда Cobalt аввал Nexia билан тўқнашиб, сўнг тротуарда турган 2 ёшли болани уриб юборди, оқибатда бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХХ хабар бермоқда.
Ҳодиса 17 сентябрь куни эрталаб 9:00 ларда Янгиариқ тумани “Ангарик” МФЙ ҳудудидан ўтган 90В062 автомобиль йўлининг биринчи километрида содир бўлган. 34 ёшли ҳайдовчи Nexia автомашинасида чап томонга қайрилмоқчи бўлиб турганида, орқа томондан ҳаракатланиб келаётган 33 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt автомашинаси уни қувиб ўтмоқчи бўлган.
Бироқ Nexia автомашинасига урилиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида, тротуарда турган 2023 йилда туғилган болани уриб юборган. У воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Янгиариқ тумани ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.