Бош Прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов сайтимизга тақдим этган маълумотларига кўра, ҳолат кеча, 17 сентябрь куни соат 14:18 ларда Олмазор туманида содир бўлган.
Мазкур ҳудудда яшовчи, 2001 йилда туғилган аёл турмуш ўртоғи билан рашк туфайли келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жаҳл қилиб, 2022 ва 2024 йилларда туғилган икки нафар ўғил фарзандини ўзлари яшаб турган уйнинг 4-қавати йўлак деразасидан пастга ташлаб юборган.
Сўнгра ўша уйнинг 8-қавати йўлак деразасидан ўзини ҳам пастга ташлаган. Ҳодиса оқибатида аёл шифохонада вафот этган, икки нафар вояга етмаган боланинг ҳаёти сақланиб қолинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аслида этни жунжиттирадиган бу ҳолат шунчаки воқеа эмас — бу фарёд! Бир она ўз фарзандларини ойнадан улоқтириб, ўзи ҳам сакради. Бу — дард! Бу — огоҳлантирувчи аламли сигнал!
Жамиятда ёлғизлик, тушкунлик, руҳий чарчоқ кўпайди. Аммо ҳанузгача психологик ёрдам сўраш — уят ҳисобланади. Шу “уят” бизни ўлим сари судраяпти!
Ҳар биримиз атрофга бир қарайлик. Кимдир жим, лекин ичида бақиряпти. Кимдир кулиб юрибди, лекин руҳан аллақачон йиқилган...
Бефарқ бўлмайлик. Бир сўз, бир эътибор — бир умрни сақлаб қолиши мумкин.