Яқинда Наманган аҳолиси бир миллионли шаҳарга айланади. Бу шароитда боғчаларни кўпайтириш жуда долзарб экани таъкидланган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, бу борада тадбиркорларга бир қатор енгилликлар эълон қилинган эди. Улардан унумли фойдаланиб, Намангн шаҳрида бу йил 5 минг, кейинги йил 15 минг ўринли боғча ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланган.
Намангандаги 49 та техникумга хорижий стандартларни олиб келиб, уларнинг барчасида дуал таълимни йўлга қўйиш топширилган.
Сўнгги уч ойда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида Намангандаги 48 та тадбиркор 3 мингга яқин ўзгалар парваришига муҳтож катта ёшдагиларга қараб туриш хизматини йўлга қўйган. Натижада уларга қараш билан боғланиб қолган 350 нафар аҳоли ишга чиқди ва даромадли бўлган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига эндиликда деменция ва Паркинсон каби касалликлар билан хаста одамлар учун ҳам қараб туриш хизматини йўлга қўйиш топширилган.
Шунингдек, кундузги парвариш хизматларига қўшимча равишда ногиронлиги бор болаларни функционаллигини оширишга қаратилган реабилитация ва педагогик хизматларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилган.