Президентнинг тегишли қарорига асосан нотариуслик фаолияти билан шуғулланиш учун ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 март санасидан БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади.
Бунга нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб, ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб киритилади.
Шунингдек, ижро хатлари ёзиш тартиби ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар учун ҳам жорий этилади.
2026 йил 1 апрелдан эса Ўзбекистонда нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади. Бу Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус розилиги билан 70 ёшгача ўзгартирилиши мумкин.