Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимининг аёлларга менежерлик сертификатини олиш ва мактаб директори сифатида ишга жойлашишда ёрдам бериш эвазига у билан жинсий алоқа қилишни таклиф қилгани эшитилган аудио тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ҳолат юзасидан муносабат билдириб, аудиохабардаги овоз ростдан ҳам вазирлик ходимига тегишли эканини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, ушбу вазият иштирокчиси бўлган вазирлик ходими лавозимидан озод этилган.
“Айтиш лозимки, вазирлик соҳага доир корруптсион ҳолатлар ҳамда манфаатлар тўқнашувига мутлақо қарши. Шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган барча ходимларнинг касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши тарафдори. Шу каби ноқонуний вазиятларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши таъминланади”, — дейди Дилфуза Собирова.