27 август куни Тошкентда ўтказилган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига расмий асос солди. Ушбу мажмуа мамлакат тарихида илк бор бунёд этилаётган энг йирик музейлардан бири бўлади.
Янги Миллий музей лойиҳаси Япониянинг “Тадао Ando Architect Associates” ҳамда Германиянинг “Ателиэр Brückner” архитектура компаниялари томонидан ишлаб чиқилган.
Қурилиш ишларини Хитойнинг “CСCЕC International Construction” компанияси амалга оширади.
Музейнинг асосий хусусиятлари:
3 қаватли бино ва 2 қаватли ертўладан иборат бўлади;
Шарқ ва Ғарб меъморчилиги уйғунлашган дизайнга эга;
40 минг квадрат метрдан ортиқ умумий майдон;
Бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонат намойиш қилинади;
4 минг кв.м. майдонда конференция заллари, кутубхона, болалар майдончалари, ресторанлар барпо этилади.
Президент таъкидлаганидек, бу музей уч минг йиллик тарихий меросни кенг жамоатчилик, жумладан, халқаро аудиторияга тақдим этиш учун замонавий илм-маърифат ва маданият марказига айланади. Шу билан бирга, у Лувр, Метрополитен ва Британия музейлари билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятига эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев маросимда шундай деди:
“Бу музей халқимизга ва келажак авлодларга хизмат қилади. Бу орқали биз ўз тарихимизни, маданиятимизни, бебаҳо бойликларимизни дунёга кўрсатамиз.”
Музей ишга тушгач, у Тошкент марказидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда янги маданий-маърифий марказ — тематик туризм масканига айланади.
Маросим якунида давлат раҳбари музей пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни расман бошлаб берди.