Россиянинг Рязан вилоятидаги “Эластик” заводининг қурол-яроғ ишлаб чиқариш бўлимида кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Рязан тезкор гуруҳи хабар берди.
Унга кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши турли даражада тан жароҳати олган. Жабрланганлар орасида корхона ишчилари ва воқеа жойида бўлган техник ходимлар ҳам бор.
Портлаш жуда кучли бўлиб, овоз бир неча километр масофадан эшитилган. Ёнғин хавфсизлик хизматлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган, аммо ёнғин юқори ҳарорат ва портловчи моддалар туфайли тез тарқалган. Ҳозирча ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Бу заводда аввал ҳам катта фалокатлар юз берган. 2021 йилда технологик жараён бузилиши оқибатида содир бўлган портлашда 17 киши ҳалок бўлган ва кўплаб ишчилар жароҳатланган.
Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган. Асосий сабаб технологик интизомнинг бузилиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги ёки инсон омили бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Мутахассислар портлаш сабаблари ва зарар миқдорини аниқламоқда.