Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид сўзлар ишлатгани аниқланган Ургут тумани Маданият бўлими раҳбари Д.Атамурадов интизомий жавобгарликка тортилди.
Маданият вазирлиги маълумотига кўра, тахминан 15 кун аввал, соат 11:00лар атрофида бўлиб ўтган суҳбатда Д.Атамурадов ҳамда бўлимнинг тўрт нафар эркак ходими иштирок этган. Суҳбат давомида раҳбар томонидан ножўя сўзлар ишлатилгани қайд этилган.
Ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”га зид деб топилди. Меҳнат кодексига мувофиқ, Д.Атамурадовга интизомий жазо чораси қўлланилиб, келгусида бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантириш берилди.
Маданият вазирлиги барча соҳа ходимларидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишни сўради.