Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси 5 баравар камайган. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти хабар берган.
Маълум бўлишича, очликни камайтиришдаги энг юқори суръатлар 2019 йилгача кузатилган, бироқ бу прогресс COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаган. 2020-2021 йилларда очликдан азият чекаётганлар сони 2,5 миллион кишига етган.
Дунё миқёсида эса тўйиб овқатланмаслик даражаси 2005 йилдаги 12 фоиздан 2023 йилга келиб 8,2 фоизгача тушган.
Марказий Осиёда соғлом овқатланиш учун кунлик ўртача харажат (харид қобилияти паритети асосида) 2024 йилда бир киши учун 3,78 долларни ташкил этган. 2019 йилда 3,10 доллар бўлган харажат 2023 йилда 3,81 долларга чиққан. Аммо 2024 йилда илк бор пасайиш қайд этилган – 3,78 доллар.
Шунга қарамай, соғлом овқатланиш ҳанузгача минтақа аҳолисининг 14 фоизи учун (тахминан 11,5 миллион киши) имконсизлигича қолмоқда.