Индонезия Президенти Прабово Субиантонинг мушугига давлат томонидан қўриқчи ажратилгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Президент 9 йил аввал кўчадан олиб келинган мушук — Боббини расмий хавфсизлик протоколига киритган. Расмийларнинг таъкидлашича, бу “нормал ҳолат”, бироқ халқ нега бундай қарорни тушунмаяпти?
Бу ҳақда “Malay Mail” нашри хабар берди. Унга кўра, Давлат котиби ўринбосари Жюри Ардианторо мушукнинг хавфсизлиги энди давлат муҳофазасида бўлишини очиқ эълон қилди. У матбуотга берган изоҳида:
“Бобби кимники? Давлат уни қўриқлай оладими? Албатта, ҳа. Нега бу норозиликка сабаб бўлиши керак?” – деган.
Лекин бу саволга жавоб топа олмаётганлар кўп. Ижтимоий тармоқларда Боббининг Жакартадаги “Мушуксеварлар куни” фестивалига полиция кузатуви остида олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалгач, норозилик кучайди.
“Мушукка қўриқчи сифатида ҳамроҳ бўлганинг учун маош оласанми? Миллат сифатида шунчалик йўлдан адашганмизми?” – дея ёзган бир фойдаланувчи.
Фақат мушукмас. Давлат бюджетидан минтақавий ҳайвонлар фестиваллари учун ажратилаётган йирик маблағлар ҳам жамоатчиликда эътироз уйғотмоқда. Бу орада мамлакатда ишсизлик, озиқ-овқат нархлари ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар долзарблигича қолмоқда.