Кеча, 17 июль куни Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги илк уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув иштирокчилари бу мулоқотни минтақавий ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам, дея эътироф этишди.
Учрашув якунида Транс-Афғон темир йўли лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқишга доир Уч томонлама ҳадли битим имзоланди.
Мазкур лойиҳанинг Евроосиё учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди.
“Транс-Афғон” темир йўли:
— Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни боғлайди;
— Афғонистон иқтисодиётининг тикланишига ҳисса қўшади;
— Жанубий портлар орқали жаҳон бозорларига янги йўлларни очади.
Томонлар, шунингдек, савдо алоқаларини чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Термиз халқаро савдо марказидан фойдаланишни кучайтириш борасида ўзаро келишувга эришдилар.
Бу учрашув нафақат уч давлат ўртасидаги алоқаларни, балки бутун минтақанинг интеграцияси ва тараққиёти учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.