АсосийЖамият

Тошкентда юзлаб одамлар уйга тўлов қилиб, алданди

Текширувлар натижасида уй қурилишига рухсат берилмагани аниқланган.

'Тошкентда юзлаб одамлар уйга тўлов қилиб, алданди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда юзлаб одамлар уй сотиб олиш мақсадида тўлов қилиб, алдангани ҳақида хабарлар тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Чилтўғон” маҳалласи, Уста Олим 2-берк кўчасида жойлашган қурилиш ишлари Стронг cитиэс МЧЖ томонидан амалга оширилган. Бироқ ушбу объект бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда зарур рухсатнома ва ҳужжатлар олинмаган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори талабларига кўра:

  • қурилишга рухсатнома олинмаган;
  • архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилмаган;
  • лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармаси билан келишилмаган.

Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда, объектда фақат ер учун кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун эса зарур ҳужжатлар йўқлиги аниқланган.

Натижада белгиланган тартибда огоҳлантириш хати юборилиб, қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган. Шунингдек, объект сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис, қурувчи ташкилот томонидан ўз ихтиёри асосида объектда демонтаж ишлари амалга оширилган.

Шу билан бирга, лойиҳа-смета ва бошқа тегишли техник ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ расмийлаштирилган ҳолда қурилиш ишларини белгиланган тартибда давом эттирилиши қурувчи ташкилот вакиллари томонидан таъкидланган.

“Шу ўринда эслатма: фуқаролардан уй-жой харид қилишда обектнинг барча ҳуқуқий ҳужжатлари ва рухсатномалари мавжудлигини синчиклаб текшириш тавсия этилади”, дейилади хабарда.

Бундан бир неча кун аввал Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. 

    Бошқа янгиликлар