АсосийСиёсат

“2030 йилгача қишлоқларда асфальт бўлмаган йўл қолмайди“

Бу бўйича Транспорт вазири депутат сўровига жавобан маълумот берди.

'“2030 йилгача қишлоқларда асфальт бўлмаган йўл қолмайди“'ning rasmi

Ўзбекистонда 2030 йилгача қишлоқлар ва овулларда асфальтланмаган йўл қолмайди. Бу ҳақда жорий йилнинг 11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги ҳукумат соатида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов депутат сўровига жавобан маълум қилди.

Ҳукумат соатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров куз-қиш мавсуми бошланиши билан халқдан лой ва чанг йўллар бўйича мурожаатлар кўпайишини ва мурожаатларнинг асосли эканини айтиб, Илҳом Маҳкамовга бу борада қилинаётган ишлар борасида савол билан мурожаат қилди. Шунингдек, депутат ички йўлларнинг маҳаллий ҳокимликларга ўтказилаётганини ҳам айтиб, бу йўлларнинг тақдирига қандай таъсир қилиши борасида вазирга савол билан юзланди.  

Вазирнинг билдиришича, маҳаллий йўлларнинг ҳаммаси Автомобиль йўллари қўмитасининг тасарруфидаги йўллар ҳисобланади. Ички йўллар – қишлоқ ва овуллардаги йўллар борасида ҳам бу борада аниқ дастур бор.

Шунингдек, Анвархон Темиров вазирдан маҳаллий ҳокимликлар йўллар таъмири учун 4 млрд сўм ажратса, бу етарли бўлиш-бўлмаслигини ҳам сўради.

“Бизнинг тасарруфдаги йўллар бўлмаган тақдирда ҳам умумий сиёсатни биз юритамиз. Маҳаллий ҳокимликларнинг бўйнига қолгани билан алоҳида бюдежт параметрида йўлларни таъмирлаш ишлари бўйича пул белгилаб кетилади. Масалан, ҳокимликлар томонидан ажратилган пулдан ташқари уларда қолдиқ сифатида қолган пуллар ҳам асосан йўл таъмирлаш учун ишлатилади”, дейди вазир.

Бундан ташқари, Илҳом Маҳкамов 2030 йилгача Ўзбекистондаги қишлоқ ва овулларда асфальт қилинмаган йўл қолмаслигини билдирди.

“2030 йилгача асфальт қилинмаган йўл қолмайди. Аниқ дастур бор, яъни бугунги кунда биз 70 фоиз тупроқ йўлларнинг айримларини шағалга, айримларини асфальтга ўтказдик. Қолган 30 фоиз тупроқ йўлларни 2 йилда шағалга ўтказамиз. 2030 йилгача юриб бўлмайдиган аҳоли пункитини ўзи қолмайди. Бу амбициоз бўлган тақдирда ҳам Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан бўйнимизга олган тизим”, дейди вазир.

    Бошқа янгиликлар