АсосийСиёсат

Президент Наманган вилоятида амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди

Норинда балиқчилик, Мингбулоқда ўрдакчиликни ривожлантириш таклиф қилинди.

'Президент Наманган вилоятида амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев 7 июль куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва лойиҳалар ижроси юзасидан ҳисобот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Давлат раҳбарининг 2024 йил 2 декабрдаги қарори билан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Хусусан, 2025 йил 4,2 млрд доллар инвестиция жалб этиш, 1 млрд доллар экспорт қилиш, 323 минг иш ўрни яратиш, 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.

"Бунда энг катта замин — кичик бизнес ва тадбиркорлик. Наманганда меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи шу соҳада рўзғор тебратаяпти", — дейилади хабарда.

Йил бошидан бери вилоятга қарийб 1 млрд 600 млн доллар инвестиция киритилган. Лекин бунинг катта қисми Наманган шаҳри ва марказий туманларга тўғри келиб, Мингбулоқ, Норин, Уйчи ва Чортоқда ҳам сармояларни кўпайтириш керак. Экспортда ҳам маҳсулотлар турини кенгайтириш ва чекка туманлар салоҳиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда қишлоқ хўжалигида ҳам мўл ҳосил етиштирилмоқда. Хусусан, Янгиқўрғонда гектаридан даромад 20 минг доллардан юқори.

Шу каби имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун президент ташаббуси билан мутахассислар, илғор тадбиркорлар ва хорижий экспертлардан иборат "Ислоҳотлар штаби" иш бошлади. Улар биргаликда излангани учун яна 1 млрд долларлик лойиҳалар шаклланди.

Йиғилишда мутасаддилар ана шу янги имкониятларни тақдимот қилди. Қайд этилганидек, уларнинг натижасида жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 млрд сўм тушум, 160 млн доллар экспорт манбаи пайдо бўлади.

Масалан, Норин туманида аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш, Мингбулоқда ўрдакчиликни ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари мўллигини таъминлаши ва кўплаб иш ўринлари яратиши билан аҳамиятли, дейилади хабарда. Давлат раҳбари бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда вилоятда 55 минг ишсиз аҳоли, 44 минг камбағал оила бор. Уларни касбга йўналтириб, иш топишига кўмаклашиш, ўз уйида даромад манбаи яратиш вазифаси қўйилди.

Ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Бошқа янгиликлар