АсосийЖамият

Сурхондарёда йирик босимли насос ёрилиб кетди

Оқибатда юқори босимли сув отилиши кузатилган.

'Сурхондарёда йирик босимли насос ёрилиб кетди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида йирик ҳажмли насос қувури ёрилиб кетгани ҳамда ундан жуда кўп миқдорда сув отилиб чиққани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.  

Ҳокимликнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 30 июнь куни соат 12:50 лар атрофида Жарқўрғон туманида жойлашган “Боботоғ” насос станциясининг 1-коллектори 7-участкасида диаметри D-2850 миллиметр бўлган қувурда ёрилиш ҳолати юзага келган. Оқибатда юқори босимли сув отилиши кузатилган.

Ҳолат юзасидан зудлик билан дастлабки чоралар кўрилган. Қайд этилишича, 1-коллектордаги 3 та насос агрегати фаолияти фавқулодда тўхтатилган. Шундан сўнг махсус тезкор бригада ҳодиса жойига етказилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилган. Соат 21:00 да таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ва 21:20 да насос агрегатлари қайта ишга туширилган.

Билдирилишича, юзага келган ҳолат оқибатида яқин атрофдаги аҳоли хонадонлари ҳамда насос станцияси иншоотларига ҳеч қандай зиён етмаган.

“Ҳозирги вақтда насос агрегатлари одатдаги иш тартибида фаолият юритмоқда”, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар