Бухоро вилоятида чақалоғини 10 млн сўмга сотмоқчи бўлган она 3,5 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Н.К. бухоролик таниши билан бирга яшаб, 2024 йилнинг июнь ойида Туркияга ишлаш мақсадида кетган ва 2024 йилнинг август ойида хорижий давлатдан қайтиб келиб, шу ойда қиз фарзандини дунёга келтиради. У яна ишлаш мақсадида Туркияга кетишни режалаштиради ва бунинг учун фарзандини сотмоқчи бўлган.
Ўтган йилнинг 4 сентябрь куни эса ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Н.К. ўзининг 2024 йилнинг 21 августида туғилган фарзандини 10 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланган.
“Айбдор аёлнинг қилмиши нафақат ўзининг кўрсатмаси, балки пулларни кўздан кечириш, кимёвий ишлов бериш ва ёзиб олинган овозлар, воқеа жойини кўздан кечириш ҳамда ашёвий далилларни олиб қўйиш ҳақидаги баённома, экспертиза хулосаси ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди”, дейилади хабарда.
Суд томонидан Н.К. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.