Халқаро футбол федерацияси — FIFA Россиянинг Москва шаҳри жамоаси “Локомотив” клубига қаттиқ жазо қўллади. Эндиликда клуб янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди.
Бу чорани ташкилот 2024 йил 18 июнь куни расмий қарор билан эълон қилди ва у учта трансфер ойнаси давомида амал қилади.
Нега бундай бўлди?
Бунга сабаб — “Локомотив”нинг Украинанинг “Мариупол” клубига 50 минг евро миқдоридаги компенсацияни тўлашдан бош тортгани бўлди.
Мазкур маблағ футболчи Марк Мампассининг тайёрлов харажатлари учун ундирилган эди.
Иш тафсилоти
Марк Мампасси 2021 йил декабрда Донетскнинг “Шахтёр” клубидан “Локомотив”га ўтган. У илгари Украина ёшлар терма жамоаси сафида ҳам ўйнаган. “Мариупол” эса Мампассини ўз тарбияланувчиси сифатида тан олиб, “Локомотив”дан компенсация талаб қилган.
Москваликлар эса бу маблағни тўлашдан бош тортиб, судда ўз позициясини ҳимоя қилган.
Қизиғи шундаки, “Локомотив” вакиллари компенсация тўламасликка асос сифатида “Мариупол аллақачон Россия шаҳри, клуб эса йўқ қилинган ва мавжуд эмас”, деган позицияни билдирган.
Бироқ Спорт арбитраж суди (CАС) бу важни асоссиз деб топди ва “Локомотив”ни тўловга мажбур қилди. Аммо клуб бу қарорни бажармагани учун FIFA санкция қўллади.
Эндиликда “Локомотив” янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу жазо клубга нафақат спорт нуқтаи назаридан, балки обрў ва молиявий жиҳатдан ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ.