Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ChatGPTʼдан диний саволларга жавоб олиш жоизми, саволига жавоб берди.
Берилган жавобга кўра, сунъий интеллект воситаларидан, жумладан, ChatGPT каби платформалардан диний саволларга жавоб олиш амалиёти шаръий жиҳатдан жоиз эмас. Фатво маркази бу борадаги эътиборли жиҳатларни алоҳида таъкидлаб ўтган.
Хусусан, ChatGPT каби сунъий интеллект тизимлари айрим техник ва умумий соҳаларда маълумот беришда фойдали бўлиши мумкин. Бироқ диний масалалар нозиклик ва мутахассисликни талаб қилгани боис, бу каби платформаларнинг жавобларига суяниш нотўғри талқинлар ва хатоларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Қайд этилишича, баъзан бу каби тизимлар диний саволларга тахминий жавоблар бериши, айрим ҳолларда эса, мавжуд бўлмаган фиқҳий манбаларни ёки асарлардаги нотўғри маълумотларни келтириши мумкин. Шунинг учун бундай саволларни фақат шу соҳанинг билимдонлари — яъни, ишончли уламолар ва диний мутахассислар орқали ҳал этиш зарур экани алоҳида таъкидланган.
Шу боис Фатво маркази диний масалаларда сунъий интеллектга эмас, балки малакали уламолар ва мутахассисларга мурожаат этишни қатъий тавсия этмоқда.