Транспорт вазирлигига кўра, бу тартиб 14 йил олдинги ҳукумат қарорида бўлган. Кучини йўқотган ҳужжат ўрнида бу йил айни тартиб белгиланган бошқа ҳужжат қабул қилинган.
Ижтимоий тармоқларда “Энди ҳамма ўзининг вилоятида таксичилик қилади. Тошкентда фақат “01” рақамли автомобилларгагина лицензия беришади”, деб айтилгани акс этган видеолар тарқалди.
Муаллифга кўра, кўпчилик ҳозир “Лицензия оламиз, Тошкентда ишлаймиз”, — деса, рад жавобини олмоқда.
“Ҳайдовчи лицензия оладиган бўлса, ўзининг ҳудудида ишлайдиган қилиб қўйишибди. Мисол учун 01 — Тошкент номери. Улар Тошкентда ишлайди. Андижонликлар Андижонда, қорақалпоғистонликлар Қорақалпоғистонда, қашқадарёликлар Қашқадарёда”,– дейди у.
Ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги “Даракчи.уз”га хабарлар рост эканини тасдиқлаган.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов айни кунда жараён амалга оширилишини айтган.
“Бу тартиб кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. 2011 йилда айнан мана шу йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарор чиқарилган. Ўша қарор билан тасдиқланган низомда йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг фаолият юритиши учун қўйилган талаблар бор. Ўша низомнинг 5-боб 9-бандида ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида ташишни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда амалга оширилади деб ёзилган. Бу қарор ҳозир ўзининг кучини йўқотган. Мазкур қарор ўрнини босувчи 2025 йилда чиққан қарорга кўра, ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди”, – деган у.
Шунингдек, Ашурматовнинг тушунтиришича, бунда ҳайдовчи фаолиятини фақат ўша лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ ҳудудда олиб боради.
“Масалан, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 01 код билан бошланувчи давлат рақамли транспорт воситаси Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти ҳудудида таксичилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Худди шунингдек, вилоятларники ҳам худди шунақа бўлади”,– дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.