Қурбон ҳайити муносабати билан Афғонистон аҳолисига 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев топшириғи билан юборилган ушбу инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
«Афғонистон расмийлари Ўзбекистон президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди», — дейилади хабарда.