Украина делегацияси бугун, 2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтадиган музокараларда Россияга тақдим этмоқчи бўлган тинчлик таклифлари матнини “Reuters” агентлиги ошкор қилди.
Унга кўра, Киэв тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда — ҳавода, қуруқликда ва денгизда. Ишончни мустаҳкамлаш учун ноқонуний равишда Россияга олиб кетилган барча украиналик болаларни зудлик билан қайтариш, ҳарбий асирларни “ҳаммаси ҳаммасига” принтсипи асосида алмашиш, шунингдек, Россия барча тинч аҳоли гаровдагиларини озод қилиши лозим.
Кейинги босқичда эса ўт очишни тўхтатиш режими ва Зеленский ҳамда Путин ўртасидаги юзма-юз учрашув кун тартиби келишилиши керак. Музокараларда АҚШ ва Европа давлатлари иштирок этиши муҳим, дейди Украина.
Украина халқаро ҳамжамиятдан ишончли хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқда. Ҳужжатга кўра, Украина қуролли кучлари сони, жойлашуви ёки бошқа жиҳатларига ҳеч қандай чекловлар қўйилмаслиги, шунингдек, мамлакат ҳудудида дўстона хорижий давлатларнинг қўшинлари жойлаштирилишига тўсқинлик қилинмаслиги керак.
Украина шунингдек, Россия 2014 йил февралидан буён эгаллаб турган ҳудудлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслиги лозимлигини таъкидламоқда. Музокаралар бошланиши учун мавжуд фронт чизиқлари асос қилиб олинади, аммо ҳудудий масалалар фақат тўлиқ ўт очишни тўхтатгандан сўнг муҳокама қилинади.
Россияга нисбатан айрим санкциялар бекор қилиниши мумкин, аммо босқичма-босқич ва зарурат туғилганда уларни қайта тиклаш механизми билан. Украина таклифига кўра, Россиянинг музлатилган активлари мамлакатни тиклаш учун ишлатилади ёки репарация тўланмагунча музлатилган ҳолда қолади.