Ўзбекистон бўйлаб ёз фасли қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. "Ўзгидромет" хабарига кўра, 1–7 июнь кунлари ёғингарчилик кузатилмайди, ҳаво ҳарорати +35…+38 даражагача, айрим ҳудудларда эса +40 даражагача кўтарилади. Ой охиригача ҳарорат +25…+41 даража оралиғида ўзгариб туради, баъзи кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Мутахассислар глобал исиш ва “El-Nino” ҳодисаси таъсирида бу йилги ёз фасли нисбатан иссиқ бўлиши мумкинлигини билдирган. Океан юзаси ҳарорати ҳануз юқори бўлиб, бу атмосферага ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли, жаҳон прогнозлаш марказларининг дастлабки баҳоларига кўра, ёзги ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда.
Шунга қарамай, мутахассислар ёз давомида ҳаддан ташқари иссиқ кунлар билан бирга, нисбатан салқин даврлар ҳам кузатилишини таъкидламоқда. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг қуруқ ва континенталлик хусусиятига мос келади. Охирги 50 йил ичида эса ёзги ҳароратнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда.