BBC хабар беришича, ҲАМАС АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги таклифига рад жавобини берди. Чунки, АҚШнинг таклифи ҲАМАСнинг асосий талабларига жавоб бермайди. ҲАМАС расмийси BBCга берган интервьюсида, таклифда урушни тўлиқ тўхтатиш ва гуманитар ёрдамни кафолатлаш каби талаблар инобатга олинмаганини маълум қилди.
АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф томонидан таклиф қилинган режага кўра, ҲАМАС 10 нафар тирик ва 18 нафар ҳалок бўлган гаровдаги исроилликларни қайтариши, эвазига Исроил 60 кунлик ўт очишни тўхтатиши ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиши назарда тутилган. Исроил расмийлари бу таклифни маъқуллаганини билдирган, аммо ҲАМАС ҳозирча расмий жавоб бермаган.
ҲАМАС вакиллари таклифда урушни тўлиқ тўхтатиш, гуманитар ёрдамни кафолатлаш ва Исроил қўшинларини Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиш каби талаблар аниқ баён этилмаганини қайд этган. Шунингдек, улар АҚШнинг олдинги музокаралардаги ваъдалари билан бу таклиф ўртасида катта фарқ борлигини таъкидлаган.
Исроил хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса ҲАМАСнинг таклифни рад этишини баҳона қилиб, Ғазода "тўлиқ куч билан" ҳаракат қилиш вақти келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, энди кечикишга асос йўқ ва ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш керак. Ғазодаги гуманитар вазият эса тобора оғирлашмоқда. Сўнгги 10 ҳафтада тахминан 4000 киши ҳалок бўлган, БМТнинг инсонпарварлик ишлари бўйича раҳбари Том Флетчер эса Ғазода мажбурий очлик ҳолати юзага келганини ва дунё ҳамжамияти бу вазиятга жиддий эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.
Ҳозирча музокаралар давом этмоқда ва ҲАМАС ўзининг расмий жавобини тайёрламоқда. Бу музокаралар минтақадаги тинчлик ва барқарорлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид