Бугун, 27 май куни эрталаб соат 09:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бўйлаб ҳаво сифати асосан "сариқ" зона даражасида баҳоланмоқда.
Бу эса ҳавода ифлосланишнинг мўътадил даражада эканини англатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий ифлослантирувчи модда бу — PM2,5 заррачалари бўлиб, уларнинг миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган йиллик норма билан солиштирилганда 4,6 баравар юқори экани аниқланган.
Шу билан бирга, бошқа зарарли моддалар — масалан, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди каби ифлослантирувчиларнинг даражаси белгиланган меъёрлардан ошмаган.
PM2,5 заррачалари ўзи нима?
ПМ — ҳавода мавжуд барча заррачалар, шу жумладан, чанг, лой, куйинди, тутун ва суюқлик томчилари. Чанг зарралари нафас йўлларини безовта қилади ва бронхит, эмфизем, юрак-қон томир касалликлари (масалан, инсульт), кўз инфекциялари, терининг тирнаш хусусияти ва менингоккок менингити каби касалликларни келтириб чиқариши ёки ёмонлаштириши мумкин.
Чанг зарраларининг катталиги инсон саломатлиги учун потенциал хавфни аниқлашда асосий омил ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, диаметри 10 микрондан кам бўлган зарралар ( PM10) ўпкага чуқур кириб, уларда тўпланиши мумкин. Диаметри 2,5 микрондан (≤ PM2,5) кам бўлган заррачалар соғликка янада зарарли таъсир кўрсатади: улар ўпкада ҳаво тўсиғини енгиб, қон айланиш тизимига кириши мумкин.