Қашқадарё вилояти Миришкор туманида 31 ёшли эркак янгасига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 4 суткага қамалди.
Аниқланишича, 1994 йилда туғилган У.Т. 2025 йилнинг 2 ноябрь куни Миришкор тумани “Нурафшон” маҳалласида яшайдиган акасининг хонадонига бориб, янгаси Н.нинг қўлидан ушлаб, унга “Сизни яхши кўраман, бирга бўлайлик” деган. Кейинчалик ўша куни соат 00:10 да аёлга қўнғироқ қилиб, “Борай, ҳеч ким билмайди, айтмайман, йигит сўзи. Борай, боя хотиним халақит берди, маслаҳат қиламиз” деган мазмундаги хабарлар юборган.
Судда жабрланувчи қайнисини кечирмаслигини ва унга нисбатан қатъий чора кўришни сўраган.
Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, ўша куни акасининг уйига ёғоч сўраб борганлигини, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли янгасига нима деганлигини, қандай ҳаракатлар қилганлигини эслай олмаслигини билдириб, кечирим сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман суди унинг қилмишларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41¹-моддаси 1-қисми (шилқимлик қилиш) бўйича баҳолаб, унга 4 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.






