АсосийДунё

Германия танк бригадасини Литвага жойлаштирди

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг таъкидлашича, Германия НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилишга тайёр.

'Германия танк бригадасини Литвага жойлаштирди'ning rasmi

Илк бор Германия қуролли кучлари – Бундесвер доимий тарзда хорижда жойлашмоқда. 2024 йил 1 апрелдан Литвада 45-танк бригадаси расмий равишда хизмат бошлади. Бу — Германиянинг НАТОнинг шарқий флангини мустаҳкамлаш йўлидаги энг йирик ҳарбий ташаббусларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда “ДW” хабар бермоқда.

Бригада Литвада доимий асосда қолади — бу Бундесвер тарихида биринчи ҳолат. Ҳарбийлар сафарбарлиги Литва ҳукумати илтимосига биноан амалга оширилмоқда. Мамлакат Россия эксклави — Калининград вилояти ва РФ иттифоқчиси Беларус орасида жойлашган бўлиб, НАТО учун стратегик аҳамиятга эга.

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг таъкидлашича, Германия НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилишга тайёр. Бунга жавобан, Литва ҳам ўз мудофаа бюджетини оширди. Германияда эса янги канцлер Фридрих Мертс бошчилигидаги ҳукумат ҳарбий харажатларни кескин оширишга тайёрлигини билдирган.

Бригаданинг тўлиқ сафарбар қилиниши 2027 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Лойиҳанинг молиявий ва логистик жиҳатдан ҳам Германия, ҳам Литва учун мураккаблиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, 4800 нафар ҳарбий ва 200 нафар фуқаролик ходимининг Литвада бир неча йил хизмат қилишга кўниктирилиши осон кечмаслиги мумкин. Шу сабабли, Бундесверда хизматни жозибадорроқ қилиш мақсадида, хорижда хизмат қилаётган ҳарбийларга тўланадиган маош миқдорини оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

    Бошқа янгиликлар