Ўзбекистон бўйлаб 15 апрелдан 15 майга қадар «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирлар республикадаги криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш орқали аҳоли осойишталигини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишни ўз ичига олган.
Маълум қилинишича, ойлик давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўча ва жамоат жойларида жиноят ва безорилик ҳолатлари 25,6 фоизга камайган.
- Тадбирлар давомида тиғли буюмлар олиб юрган жами 17 мингдан ортиқ шахс аниқланиб, улардан 17360 дона ана шундай ашёлар олиб қўйилган.
- Автомобили, велосипеди ва аравачаларини қаровсиз қолдирган 55 минг 329 нафар фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва огоҳлантирилган.
- Ташкилотларнинг 87 минг 704 нафар қоровули фаолияти текширилиб, аниқланган камчиликлар бўйича тақдимномалар киритилган.
- Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 100 дан ортиқ қидирувдаги, шунингдек, 10 мингдан ортиқ майда безорилик қилган шахс аниқланган ва чоралар кўрилган.
- 10 мингдан ортиқ ўрта таълим, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда "ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари юзасидан кенг қамровли тарғибот ишлари" олиб борилди.
ИИВ матбуот хизмати томонидан таъкидланганидек, кўрилган профилактика чора-тадбирлари натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 36 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 20 фоизга камайди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 590 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. 67 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилди.
3000 дан ортиқ ҳайдовчи маст ҳолда автомобиль бошқаргани, 1900 дан ортиқ ҳайдовчи ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармагани аниқланди.
Шу билан бирга, 48 мингдан ортиқ фуқаро тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқарган ҳамда 700 дан ортиқ ҳайдовчи сирена ва милтилловчи чироқлар каби ноқонуний ускуналарни ўрнатган.
Шунингдек, ЙҲХХ ходимлари томонидан бир ой давомида 113 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари, 40 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ҳайдовчилар ўртасида 126 мингдан ортиқ буклет тарқатилгани маълум қилинди.
Қўриқлаш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари «ташвиш» сигналлари бўйича воқеа содир бўлган жойларга 950 марта чиқиш қилиб, қўриқланадиган объектларда жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олди олинди. Жами 1837 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 11 минг 906 нафар фуқаро мажбурий даволанишга, 37 минг нафар фуқаро ҳушёрхонага, 2 минг 232 нафар вояга етмаган марказларга, 571 нафар фуқаро реабилитация марказларига жойлаштирилди ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатилди.
Ой давомида ноқонуний муомаладан жами 334 кг 266 гр гиёҳвандлик, 68 минг 429 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси олиниб, 91 минг 493 туп таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимлик етиштирилаётгани аниқланди. Хусусан, 640 гр героин, 124 кг 371 гр опий, 94 кг 759 гр гашиш, 52 кг 26 гр марихуана, 39 кг 548 гр кўкнори ва 22 кг 899 гр синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Тадбирлар давомида қўлга олинган шахслар ва жиноий гуруҳлардан 113 дона пневматик қурол, 99 дона ов қуроли, 1021 дона патрон, 2452 дона совуқ қурол олиб қўйилди. Тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 880 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 383 нафар бедарак йўқолган шахс топилди.