Гамбургнинг ҳудудий суди "USM" холдинги асосчиси Алишер Усмонов "Dilbar" номли яхтанинг эгаси эканлиги ҳақидаги даъвони ҳақиқатга тўғри келмайди, деб топди. Ушбу маълумотни, жумладан, Люксембургдаги йирик медиахолдинг — Mediahuis Luxembourg назоратидаги нашрлар тарқатган.
Германия суди яхтага эгалик ҳақидаги даъвони жаноб Усмоновнинг ҳуқуқларини бузувчи деб баҳолади ва бу каби маълумотни тарқатишни тақиқлади. Агар бу тақиқ бузилса, ҳар бир ҳолат учун 250 минг еврогача миқдорда маъмурий жарима белгиланади, жарима ундирилмаса — ҳар бир ҳолат учун 6 ойгача маъмурий қамоқ жазоси ва умумий ҳисобда 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш тайинланиши мумкин. Ҳозирда Luxembourg Times сайтидан мунозарали мақола парчаси олиб ташланган.
Алишер Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган юрист Йоахим Штайнхёфелнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи (ЕИ) прокуратураси ва санкция қўлловчи идоралари "суд томонидан ман этилган ва обрўсизланган ОАВ материалларига таянган". Унинг сўзларига кўра, бу "процессуал қонунбузарликлар борасида жиддий хавотир уйғотади".
Жорий йилнинг февраль ойида Германиянинг DPA ахборот агентлиги Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова Dilbar яхтасининг эгаси эканлиги ҳақидаги хабарини қайтариб олди. Европа Иттифоқи ушбу маълумотни Исмоиловага қарши санкция қўллаш учун асос сифатида келтирган эди. Шу даъво асосида 2022 йилда ушбу яхтада тинтув ҳам ўтказилган эди.
2025 йил апрел ойида Германиянинг Münchner Merkur газетаси Алишер Усмонов ва унга нисбатан иддао қилинган мулклар ҳақидаги 15 та мақолани сайтидан ўчирди.
Абдуллоҳ Саййид