Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан харид қилиниб, пиширилган “Сағбон” номи остида сотилаётган сосиска ичидан қурт чиққани акс этган видео хабарлар тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида бошқарманинг Олмазор тумани бўлими томонидан “Сағбон” колбаса ва колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида Бизнес омбудсман билан келишилган ҳолда кучайтирилган текширув ишлари олиб борилган.
Текширув давомида корхонада гўшт ва гўшт маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш жараёнида Санитария қоида ва меъёрларига амал қилган ҳолда иш олиб борилаётгани, колбаса маҳсулотларини тайёрлаш учун олиб келинадиган гўшт маҳсулотлари текширувдан ўтган ҳолда келтирилиши ҳамда тайёр маҳсулотлар тўлиқ совутиш тизимига эга бўлган омборхоналарда сақланаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, баъзи жиҳозларнинг фойдаланилишига қараб тамғаланмагани, 7 нафар ходимнинг тиббий кўрик китобчалари мавжуд эмаслиги ҳамда ишчи ходимларнинг уст-бош кийимлари захираси яратилмагани боис корхона раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
“Қайд этиш керакки, корхонада маҳсулотларни тайёрлаш ва сақлаш қоидаларида риоя қилинаётгани боис у ерда маҳсулот сифатига салбий таъсир қилувчи омил мавжуд эмас. Шу боис видеодаги ҳолатга дўконларда сосиска маҳсулотларини тўғри шароитда сақланмагани унинг сифати бузилишига сабаб бўлганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.