АсосийЖамият

Бухоронинг айрим ҳудудларини чигиртка босди

Расмийлар ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга оид маълумотларни очиқлади.

'Бухоронинг айрим ҳудудларини чигиртка босди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғлаб турувчи йўлни чигирткалар босгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумот берди.

Қайд этилишича, хабардаги ҳолат Бухоро вилоятининг А-380 автомобиль йўлининг 327 километрида бўлиб, мазкур ҳудудда саксовул букри чигирткаси тўдаси аниқланган.

Маълумотларга кўра, чигирткалар тўдасини ўз вақтида талофатларсиз бартараф этиш мақсадида Бухоро вилоятининг чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати А-380 автомобиль йўлининг 327 километрида 2 та отрядга бўлинган ҳолда кимёвий ишловларни 24/7 режимида олиб бормоқда. Чигирткалар тўдаси аниқланган ҳудудда айни вақтда ҳам қарши кураш тадбирлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Хабарда келтирилишича, саксовул букри чигирткаси қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказмайди.

Бухоро вилоятининг Газли массиви, Ромитон, Қоракўл, Тойлоқ туманлари алоҳида назорат остига олинган бўлиб, кузатув-мониторинг ишлари ҳам давом этяпти, — дейилади хабарда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, аҳоли ўртасида ортиқча ваҳима ва саросимага сабаб бўлувчи хабарларни тарқатмасликни, зарарли чигиртка тарқалган майдонлар тўғрисида 1288 ёки 71 202 10 00 рақамларига мурожаат қилишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар