Андижон вилояти ҳокимлиги Шуҳрат Абдураҳмонов вояга етмаган шахсга нисбатан жиноий ҳаракат содир этгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.
Ҳокимлик матбуот хизматининг маълум қилишича, 9 май куни ижтимоий тармоқларда блогер Улуғбек Ашур томонидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан оғир ва асоссиз айбловлар келтирилган пост жойлаштирилди. Унда блогер “Андижонлик фуқаро маълумот беришича” деган сўзлар билан, гўёки вилоят ҳокими вояга етмаган шахсга нисбатан жиноий ҳаракат содир этгани ҳақида айтиб ўтган.
Андижон вилояти ҳокимлиги ушбу маълумотларни кескин рад этади. "Фуқаро маълумотига" асосланган, ҳеч қандай далилга эга бўлмаган бундай постлар шахс шаъни, қадр-қиммати ва нуфузига очиқдан-очиқ тажовуздир, дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақоратларга асос бўлаётган манбалар шубҳали ва ноқонуний бўлиб, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади. Айни пайтда ушбу асоссиз маълумотларни тарқатганлар ва жамоатчилик онгида нотўғри фикр уйғотишга уринган шахслар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинди. Қонунга мувофиқ равишда уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади.
Ҳокимлик жамоатчиликдан фақат расмий ва ишончли манбаларга таянишни, иғвогарона маълумотларга учмасликни сўрамоқда.